Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов йўлбошчилигида мустақилликка эришиб, миллий ривожланиш йўлида, бозор иқтисодиётига асосланган демократик жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш сари илдамлаб бормоқда ва жамиятнинг барча жабҳаларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг қанчалик самара бериши эса мамлакат фуқароларининг маънавияти, унинг ривожланганлик даражасига боғлиқ. Маънавияти юксак ва мафкураси мустаҳкам бўлган фуқароларгина амалга оширилаётган ислоҳотлардан ўзини четга олмайди, бўлаётган ўзгаришларга лоқайд қараб турмайди, аксинча, бу жараёнга фаол иштирок этади.
Мамлакатимизда миллий истиқлол ғоялари асосида янги жамият барпо этилмоқда. Мустақиллик пойдевори тобора мустаҳкамланиб бораётир. Халқ ўз ери, ўз тили, ўз динига эга бўлди. Унинг миллий ғурури, иззат-обрўси тикланди. Қадриятларимиз, маънавий меросимиздан баҳраманд бўлмоқдамиз. Кундан-кунга республикамизда маънавият ва маърифат ривожига жуда катта эътибор берилмоқда.
Маънавият ва маърифатга бундай эътиборнинг яна бир муҳим сабаби шуки, Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар узоқ муддат давомида ёт ғоялар мажбуран халқимиз онгига сингдириб келинди, миллат ўзлигини йўқотиш даражасига тушиб қолган эди. Тафаккуримиз тарзи шўролар таълимотига мос келадиган мутелик, тобелик, руҳида шаклланди. Афсуски, баъзи кишилар бу ғоя таъсиридан ҳали ҳам қутилган эмас. Бу қусурларга қарши курашиш ҳаммамизнинг олдимизда турган долзарб муаммо ҳисобланади.
Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, «пировард мақсадимиз ижтимоий йўналтирилган барқарор бозор иқтисодиётига, очиқ ташқи сиёсатга эга бўлган кучли демократик ҳуқуқий давлатни ва фуқаролик жамиятини барпо этишдан иборатдир» (Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Т., 1995, 46-бет). Шундай жамиятга муносиб, юқори малакали, ҳозирги замон талабларига ҳар тарафлама жавоб берадиган ватанпарвар, юксак маънавиятли, фидойи мутахассислар тайёрлаш, мақсадли равишда уларнинг малакасини ошириш долзарб вазифа бўлиб турибди.
Асосий мақсад. Республикамизнинг таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ёш, истиқболли профессор-ўқитувчиларнинг маънавий-маърифий билимларини ошириш, улар онгига миллий истиқлол ғояси асосий тушунча ва тамойилларини, хуқуқий- демократик жамият қуриш қадриятларини сингдириш кўзда тутилган.
Тингловчиларнинг билим ва кўникмаларига қўйиладиган талаблар. Улар қуйидагилардан иборат:
– «Маънавият асослари» фани моҳияти ва аҳамиятини чуқур билиб олиш;
– «маънавият», «маърифат» ва «мафкура» тушунчалари, уларнинг таърифлари ва ўзаро чамбарчас боғлиқлигини англаш;
– маънавият ва маърифатнинг тарбиявий асослари: ахлоқий, эстетик, диний ва миллий қадриятлар моҳиятини тушуниб олиш;
– миллий ва умумбашарий маънавият орасидаги умумийлик ва хусусийликни англаш;
– маънавиятнинг сиёсат, иқтисодиёт билан вобасталигини тушуниш;
– комил инсон тарбиясида маънавий баркамолликка эришишнинг ўрни ва мавқеини белгилаб олиш;
– шахс маънавиятини ривожлантириш омиллари ва воситаларини билиб олиш;
– ҳуқуқий онгни ўстириш маънавий баркамолликка эришишнинг асосий талабларидан бири эканини тушуниш;
– Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эга бўлишининг сиёсий ва маънавий аҳамиятини тушуниш;
– Ўзбекистон халқининг мустақиллик учун кураши ва унинг босқичларини билиб олиш;
– миллий уйғонишнинг асосий босқичларини билиб олиш;
– Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат, демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти ривожланиш хусусиятларини англаш;
– демократик жамиятнинг моддий негизи – бозор иқтисодиётини шакллантириш муаммоларини билиб олиш;
– маънавий юксалишнинг демократик жамият қуриш жараёнидаги устувор йўналиш эканини билиб олиш;
– халқаро терроризмга қарши курашнинг долзарблигини англаш.
Асосий тушунчалар. Маънавият, маърифат, маданият, тамаддун, (цивилизация) ғоя, мафкура, миллий мафкура, имон, диёнат, номус, ўзликни англаш, халқ, миллат, миллий ғурур, миллий тараққиёт, маънавий баркамоллик, комил инсон, маънавий салоҳият, Ватан, ватанпарварлик, инсонпарварлик, миллатпарварлик, демократия, шарқона демократия, ғарбона демократия, ҳуқуқий саводхонлик, қонун, жамоа, ташкилот, дин, конфессия, виждон, диний бағрикенглик, фундаментализм, мутаассиблик, фанатизм, терроризм, модернизм, традиционализм, ваҳҳобийлик, экстремизм, оқим, мазҳаб, жисмоний баркамоллик.
Ўқитиш жараёни беш кун давом этади. Курс 40 соатга мўлжалланган, унинг 26 соати маъруза, 14 соати семинар машғулотларидан иборат.
Курс охирида тингловчилар танланган мавзулар бўйича реферат ёзиб, уни ҳимоя қиладилар.
A`zo bo`lish uchun tizimga kiring.
Agar ro`yhatdan o`tmagan bo`lsangiz Ro`yhatdan o`tish ingiz mumkin